“Ичон қалъа”нинг Кўҳна Арк ҳудуди ичида, унинг ғарбий деворига туташган қисмида жойлашган. Ривоятларга кўра, XIV асрда яшаб ўтган Шайх Мухтор Валининг қадамжоси бўлган.1984-1985 йилларда М.Мамбетуллаев, В.Ягодинлар бошчилигида Оқ Шайх Бобо тепалиги ёнида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида олинган маълумотларга кўра тепалик VI-VIII асрларда барпо этилган. Бу иншоотни барпо этишда квадрат шаклдаги (35-39х35-39х8-9 см) хом ғиштлардан фойдаланилган бўлиб, бундай ҳажмдаги ғиштлар Хоразмдаги илк ўрта аср иншоотларининг қурилишида кенг фойдаланилган. Мазкур иншоотни ўрганиш жараёнида маданий қатламлардан топилган сопол буюмлар ҳам Хоразмнинг илк ўрта асрлар ёдгорликларида кенг тарқалганлиги билан характерланади. Тадқиқотчилар хулосасига кўра бу тепалик қалъа ичида барпо этилган илк ўрта асрларга хос бўлган мустаҳкамланган феодал кўрғони сифатида таърифланади. Шунга ўхшаш қўрғон квадрат шаклда (11,5х11,5 м) Ичон қалъанинг жанубий-шарқий бурчагида ҳам аниқланган. Қалъа ичида бундай мустаҳкамланган қўрғонларнинг миқдори қанча бўлганлиги ёки улар илк ўрта асрлар шаҳрининг ажралмас қисми бўлганми, ҳозирча номаълум.
Бу ёдгорлик XVII аср бошларида қайтадан таъмирланган. Тепаликда сақланиб қолган икки қаватли уйинг харобалари сўнгги даврга оид қасрнинг кузатув минораси бўлиб хизмат қилган. Тепаликнинг ички хоналарида XIX асрда тўп қуйиш устахонаси ва порох сақланадиган омбор жойлаштирилган. Бино 1991 йилда қайта таъмирланган, ҳозирда сайёҳлар баланд айвон орқали шаҳарни тепадан томоша қилиш имкониятидан баҳраманд бўлмоқдалар.