Термизий меъморий мажмуи

  • 1
  • 0
Таъриф

Термизий меъморий мажмуи, Ҳаким Термизий мақбараси— Термиздаги меъморий ёдгорлик (10—15-асрлар). Мажмуа Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳаким Термизий номи билан боғланган.

Термизий меъморий мажмуи асрлар давомида бир неча бор қайта қурилган. Масжид, мақбара, хонақоҳ, қорихона каби бинолардан иборат бўлган. Дастлаб хом ғиштдан хонақоҳ (9-а.) бунёд этилиб, Ҳаким Термизий шу ерда яшаб мударрислик қилган. Бинодан кенг ҳовлининг бир қисми, қалин девор тўсиқ ва шим.шарқий бурчагида унча катта бўлмаган ертўласимон ҳужра сақланган.

Вақтлар ўтиши билан қабр устига, хонақоҳнинг жан. Ғарбий бурчагида хом ғиштдан жан.га қаратиб мақбара бунёд этилган (9-а.). Термизий мақбараси халқ орасида улуғланиб авлиё қабри, муқаддас зиёратгоҳ сифатида эъзозланган. Кейинчалик мақбаранинг шарқий деворига туташтириб кичик қорихона ва ўғли ал Ҳаким Абдуллоҳ мақбараси (10-а.), шим.да унча катта бўлмаган ҳовлига қараган 3 гумбазли, равоқли йўлак кўринишидаги намозгоҳ масжиди (11 —12-а.лар) ҳамда бир қатор қўшимча хоналар қўшилган.

Темурийлар ҳукмронлиги даврида (15-а.) хонақоҳ баланд асос (бал. 1,5 м) устига пишиқ ғиштдан қайта қурилди. Унга туташ бўлган хоналар таъмирланди. Хонақоҳнинг шим. ва жан. томонларига пештоқ ишланди. Оддий ва аниқ қурилмали хона деворлари равоқ устунлари «ромб» кўринишидаг пой-устунга таянган. Ҳаким Термизий мақбараси 9-асрда бунёд этилган хонақоҳ ҳужраларидан бири бўлган. Хонақоҳ ҳовлисининг ғарбидаги 3 гумбазли масжид мақбарага туташ, 3 равоғи ҳовлига караган. Масжиднинг ғарбий девор марказида кенг ҳошияли меҳроб бор. Ундаги бўртма ёзув, сопол шакллар, оралиқ заминидаги ўйма ганч безаклар ўзига хос. Масжид устунлари ғиштдан безакли қилиб терилган. Масжиддан равоқ орқали мақбарага ўтилади. Мақбара ичи ганч ўймакорлигида гилам нусха безакда серҳашам пардозланган. Гумбаз ости шарафасида куфий хатида Қуръоннинг 36 сураси ўйиб ёзилган. Хонақоҳ ичи ҳам юлдузсимон гириҳ нақшлар билан пардозланган. Равойларидаги тобадонларига панжаралар ўрнатилган. Мақбара ичидаги оқ мармар сағана темурийлар давридаги тош ўймакорлиги санъатининг юксак намунасидир. Сағана 3 поғонали, асоси ислимий нақш ва ёзувли ҳошиялар билан, ўрта қисмидаги 3 меҳробий токчанинг марказий (ўрта) қисми муқарнас косачалар билан, 2 ёни шамчироқ тасвири билан безатилган.

Сағанадаги ёзувларда Термизий ҳаёти ва фаолияти тавсифланган. Кичик мақбарада ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилган. Абдуллахон ҳукмронлиги даври (16-а.)да ҳазира (ҳовли) ҳудудида 9 гумбазли масжид (эски масжидни ўз ичига олган) қурилган. Олдида енгил равоқ устунли айвон жойлашган. 19-асрда 9 гумбазли масжид ўрнида 4 гумбазли масжид бунёд этилган. Жан.дан кираверишда яна бир мақбара (гўрхона ва зиёратхонадан иборат) қурилиб, равоқли бўлмалар орқали Термизий мақбараси ва хонақоҳ билан ўзаро боғланган. Термизий меъморий мажмуи 1955—57 йилларда илмий ўрганилиб 14— 15-асрлардаги кўриниши қайта тикланди. 1980— 81 йил ва 2001—2002 йилларда мақбара ва хонақоҳ қайта пардозланди

Расположение на карте


Изоҳлар