И. В. Савицкий номидаги санъат музейи

  • 3
  • 0
Таъриф

И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи — республикадаги йирик музейлардан; Нукус шаҳрида 1966 йилда ташкил топган, 1984 йилдан Н.В.Савицкий номи билан аталади. Музейга И.Савицкийнинг саъй-ҳаракати ва у тўплаган қорақалпоқ халқ амалий санъати асарлари негизида асос солинган. Музейнинг умумий майдони 6,9 минг кв.м. Музей халқ амалий санъати, қадимий ва ўрта асрлар Хоразм санъати, 1920—30-йиллар ўзбек ва рус тасвирий санъати, қорақалпоқ замонавий ранг-тасвири ва ҳайкалтарошлиги, илмий-маърифий бўлимлар, кутубхона (10 минг дона асар), фонд ҳамда таъмирлаш уста-хонасига эга. Фондида 85 мингдан ортиқ экспонат мавжуд (2004).

Музей фондида 1920-30-йилларда авангард рассомлар яратган асарлар тўпланган. Қорақалпоқ халқ усталари томонидан яратилган заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, каштадўзлик, тўқимачилик (айниқса, ўтов жиҳозлари) ва бошқа асарлар амалий санъат бўлимида жамланган.

Қадимий Хоразм санъати бўлими музейнинг археологик гуруҳлари томонидан қўлга киритилган топилмалар ҳисобига янада бойимоқда. Тасвирий санъат бўлими тўплами, айниқса, серқирра: тўпламни қорақалпоқ рассомлари (И.Савицкий, К.Соипов, Ж. Қуттимуродов, Д.Тўраниёзов ва б.), Ўрта Осиё рассомлигининг кекса авлоди А.Волков, М.Қурзин, А.Николаев (Ус то Мўмин), Н.Карахан, Ў.Тансиқбоев ва бошқанинг катта аҳамиятга эга асарлари ташкил этади. Шунингдек, 1920—30-йилларда фаол ижод этган рус рассомлари А.Шевченко, Р.Фальк, В.Мухина, И.Грабарь асарлари билан бир қаторда ижоди деярли ўрганилмаган.Р.Мазель, К.Редько, А.Сафронов ва бошқанинг асарлари ҳам қўйилган.

Музей экспонатлари монография (этюд, чизгидан тортиб то етук асарлар) тартибида тўплангани билан ҳам қимматлидир. Яна музейнинг ўзига хослиги экспонатларнинг зич жойланиши, экспозицияларда тўпламни тўлақонли намойишига эришганидадир. Музей санъат асарларини тўплаш, тарғиб этиш, каталоглар чоп этиш, кўргазмалар ташкил қилиш билан шуғулланади. Музей қошида гиламчилик устахонаси ишлаб турибди; «Нукус музейининг дўстлари» клуби фаолият олиб боради, кўргазмалар уюштиради. Музей Халқаро музейлар қўмитаси(ИКОМ) аъзоси.

Музей 1968—69 йилларда Москвадаги Шарқ музейида Қорақалпоқ тўпламини илк бор намойиш этди. 1970 йилдан республика ва хорижий мамлакатлар (АҚШ, Франция, Германия, Италия, Япония, Россия ва б.)даги кўргазмаларда иштирок этади.

Расположение на карте


Изоҳлар