Шайхонтоҳур меъморий ансамбли

  • 1
  • 0
Таъриф

Меъморчилик иншоотлари туркумидан ташкил топган, 600 йилдан ортиқроқ тарихга эга собиқ Шайх Хованд Тоҳур қабристони номи билан аталувчи зиёратгоҳга ҳозирги Алишер Навоий номли кўча орқали Тархи чортоқ шаклидаги дарвозадан кириларди.

Безимени-7

Дарвоза 1892 йилда салобатли, кўркам гумбазли, баланд пештоқ қилиб, пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, ичидан айланма зина билан томга чиқилган. Ҳайит ва Наврўз байрамларида дарвоза томида чалинган карнай—сурнай ва ноғора садолари шаҳар аҳлини Шайхонтоҳур зиёратгоҳида ўтадиган миллий байрам сайлига чорлаб турган. Дарвозанинг қўштабақали ёғоч эшигида ўзбек миллий санъатининг сўнги ютуқлари мужассамлашган эди. Ўтган асрнинг 40-йилларида А.Навоий кўчасининг кенгайтирилиши муносабати билан дарвоза олиб ташланган.
Илгари шаҳарнинг энг гавжум ва файзли жойларидан бири бўлган бу зиёратгоҳ ҳудудида ўнлаб меъморчилик ёдгорликлари, атрофи баланд дарахтлар билан ўралган шифобахш булоқли лангар ҳовуз ва савдо-сотиқ расталари зиёратгоҳга файз бағишлаб турган.
Зиёратгоҳ 1924 йилда шўролар томонидан ёпиб қўйилган. Шайхонтоҳур дарвозасининг ўнг томонида Тoшкент ҳокими Лашкар бегларбегининг тўнгич ўғли Эшонқул додхоҳ номи билан аталувчи мадраса (XIХ асрнинг 40-йилларида) бунёд этилган.

Безимени-8

Мадраса ўтган асрнинг 60-йилларида А.Навоий кўчасининг кенгайтирилиши туфайли бузиб ташланган. Мадраса биносида 1884 йилда рус тузем мактаби очилган. Шўролар даврида бинога киностудия жойлаштирилган. «Алишер Навоий», «Тоҳир ва Зуҳра», «Насриддин Бухорода» каби бадиий фильмлар шу бинода яратилган.
Шайхонтоҳур зиёратгоҳига кираверишда ўнг томонда Занжирлик масжид (масжид шайхонтоҳур даҳа Занжирлик маҳалласига тегишли бўлган) жойлашган. Шу томонда Лангар ҳовуз ёнида Хотин масжид бўлган.

Хотунмасжид

1947 йилда 1-тролейбус айланасининг қурилиши муносабати билан бузиб Шайхонтоҳур зиёратгоҳига кўчириб келтирилган. Масжид 1966 йилгача болалар кутубхонаси вазифасини ўтаган, ўзинингг нодир ўймакорлиги, нақшлари билан архитектура ёдгорлиги сифатида қимматли бўлган ва 1967 йилда бузиб юборилган.
1908-10 йилларда Наманганлик Ҳожимат эшон томонидан Қалдирғочбий ва Шайх Хованд Тоҳур мақбараларини бирлаштириб, Оврат масжид қурдирган. 1966 йилги Тoшкент зилзиласи туфайли вайрона ҳолга келиб қолган масжид биноси 1975 йилда Шайхонтоҳур меъморий ансамблини ободонлаштириш муносабати билан бузиб юборилган. Масжид 1947 йилга қадар Эскижўва майдони рўпараси, Сағбон кўчасининг бошланиш қисмида бўлган.
Юнусхон мақбараси ёнида шу ном билан аталувчи мадраса, мадрасанинг ўнг томонида Ғариббой ва Сайидазимбойлар томонидан ким ўзарга қурилган бир-биридан муҳташам зиёратгоҳ кўринишига файзига файз қўшиб турган. Тошкентнинг энг салобатли мақбараларидан саналган Юнусхон мақбарасининг шарқий қисмида “Кук йўтал ота”, “Қабз ота” мақбаралари яқинида шифо излаб келган зиёратчиларнинг кети узилмаган. Бу обидалар ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида буздириб юборилган.
Эндиликда Шайхонтоҳур меъморий ансамблидан фақат учта мақбараларгина сақланиб қолди. Булар: Шайх Хованди Тоҳур, Қалдирғочбий ва Юнусхон мақбаралари.

Шайх Хованд Тоҳур. Мамлакатимиз қолаверса, Марказий Осиё халқлари учун ҳам муқаддас зиёратгоҳ сифатида маълум ва машҳурдир. Бу муқаддас ва эъзозли даргоҳ. Тошкент шаҳри тўрт даҳасининг бири ҳисобланиб, қадимдан Шайх Хованд Тоҳур даҳаси деб аталган. Мустақиллик қўлга киритигунга қадар бу даргоҳ жуда кўп тарихий воқеа ва ҳодисаларни бошидан кечирди. “Рашаҳот айн ал-ҳаёт” (“Ҳаёт булоқларидан оққан томчилар”) номли асарда ёзилишича, Шайх Хованд Тоҳур илоҳиёт ва тариқат илмининг йирик намояндаларидан бири бўлган. Шайх Хованд Тоҳурнинг асли Бўстонлик туманидаги Боғистон қишлоғидан бўлиб, боғистонлик машҳур мутасаввиф Шайх Умар Боғистонийнинг ўғлидир.
Шайх Хованд Тоҳур ўша давр ислом оламида ўз йўналишига эга бўлган “Яссавия” тариқати йўлидан бориб, мазкур тариқат маслакдошларидан бир нечаси билан мулоқотда бўлиб, фойдали йўл-йўриқлар олади. Ул зот кўп йиллар давомида бузруквор алломалар мулозиматида бўлиб, илми зоҳирий ва илми ботиний сир-синоатларидан воқиф бўлади. Ўзининг илмий етуклиги жиҳатидан кароматгўй алломалар орасида юксак мавқега эга бўлади. Шайх Хованд Тоҳурнинг таваллуд топган йиллари ҳақида ҳозиргача манбаларда аниқ маълумот учрамайди. Аммо, ул мўътабар зотнинг вафот этган йилларига қараб, ҳар ҳолда XIII асрнинг охирларида таваллуд топган бўлсалар керак, деб тахмин қилса бўлади. Ривоят қилинишича, буюк аллома Шайх Умар Боғистоний кўп йиллар давомида фарзанд кўрмай, кунлардан бир кун ўз завжайи муҳтарамлари билан бирга Имом Абубакр Қаффол Шошийнинг муқаддас мақбаралари – ҳозирги Ҳазрат Имом мақбарасига зиёратга келишиб, Оллоҳ таолодан фарзанд ато этишни илтижо қилиб сўрашган экан. Шундан сўнг, улар фарзанд кўришган экан. Бола туғилгач, Шайх Умар Боғистоний чақалоқ билан Имом Абубакр Қаффол Шошийнинг мақбараларига яна зиёрат қилиш учун келганлар. Улар мақбарага яқинлашган ҳамоно мақбара томига қўниб ўтирган бир гала кабутарлар бараварига учиб ҳавога кўтарилишган уларнинг қанот қоқиб учишидан “Ат-Тоҳур” деган овоз садоси янграган. Шайх Умар Боғистоний бу овозни айни вақтда башорат деб билиб, чақалоққа Хованд Тоҳур деб исм қўйган эканлар. Хованд Тоҳур – пок шайх деган маънони билдиради. “Рашаҳот”да ёзилишича, Шайх Хованд Тоҳур тасаввурига оид айрим иборалар, жумладан, “тавҳид” ва бошқа муаммоларни шарҳлаганлар, Шунингдек, шеърлар ҳам ёзганлар.

Шайх Хованди Тоҳур мақбараси

Безимени-12

Шайх Хованди Тоҳурнинг вафот этган йили 1355 йилга тўғри келади.
ХV-асрнинг иккинчи ярмида Хожа Аҳрор Валий Шайх Хованд Тоҳур қабрлари устига икки бўлимдан иборат мақбара қурдиради. Дарвоқе, Хожа Аҳрор Валийнинг оналари Хожа Довуднинг қизлари эди. Хожа Довуд эса Шайх Хованд Тоҳурнинг ўғиллари эди. Аммо мазкур мақбара замонлар ўтиши билан путурдан кетиб, нураб бизгача етиб келмаган. Ҳозирги мақбара эса эски мақбаранинг тархи ва лойихаси асосида XIX-асрда қайтадан қуриб тикланган. Мақбара ўзининг кўриниши ва ҳажми жиҳатидан кичик ҳамда камтарона безакка эга. У ҳам икки бўлимдан иборат бўлиб усти гумбаз билан қопланган. Мақбаранинг чап томонидаги тош қотиб қолган сарв дарахти бу ер дастлаб усти очиқ қабр бўлганлигидан далолат беради.
Гўрхона ичига Хованд Тоҳурдан бошқа – ул зотнинг илоҳиёт ва тариқат илмидан сабоқ олиб, етук каромат соҳиби бўлиб етишган, Довуд исмли ўғиллари, 1810 йили вафот этган Тoшкент ҳокими Юнусхўжа ва унинг ўғли Тoшкент ҳокими Султонхўжаларнинг ҳам қабрлари жойлашган. Шайх дафн этилган мозор тез орада зиёратгоҳга, мақбара атрофида эса аста-секин янги-янги сағана ва қабрлар пайдо бўлиб, шаҳарнинг энг катта ва муқаддас қабристонига айланди. Шаҳардаги нуфузли кишиларнинг жасадларини мазкур қабристонга қўйиш одат тусига кирган. Бу қабристондан ўрин олган марҳум ва марҳумалар юксак даражада эъзозланган. Жумладан, Тошкентга бостириб келган рус босқинчиларига қарши бўлган, жангда маҳаллий қўшинларга қўмондонлик қилган ва 1865 йилнинг 9-майида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Султон Сайиднинг лашкарбошиси Алимқул ўлими олдидан илтимосига кўра Шайхонтоҳурга дафн этилади.
Мақбара 1980 йилда қисман, мустақиллик йилларида тўлиқ таъмирдан чиқарилган.

Бошқа манбадан маълумот

Юнусхўжа — Шайх Хованди Тоҳурнинг авлодларидан эди.
XVIII асрнинг иккинчи яримида Тошкент “Чорҳокимлик” номи билан маълум бўлган бу даврда даҳалар ўртасидаги ўзаро низолар шаҳар хўжалигини, унинг ташқи ва ички савдосини издан чиқарган.
Даҳа ҳокимларининг узлуксиз давом этган ўзаро урушлардан тинкаси қуриган ва бу курашдан Шайхонтоҳур даҳасининг ҳокими Юнусхўжанинг қўли баланд келаётганини кўрган шаҳар аҳолиси шаҳардаги бошқа ҳокимларни ағдариб, Шайхонтоҳур хўжаларидан бўлган Юнусхўжани шаҳар ҳокими қилиб кўтарди. Бу воқеа XVIII асрнинг 80-йилларида юз берди. Шу тариқа Тошкентда ягона сиёсий ҳокимият ўрнатилди.
Шайх Хованд Тоҳур ҳудудида бир неча юз йиллик азамат чинорлар бўлиб, улар остида шийпонлар, чойхоналар, ҳар хил ширинлик ва турли-туман матолар билан савдо қиладиган дўконлар, ошхоналар ҳамда томошабинлар учун маҳсус қурилган болхоналар ҳам бўлган. Дастлаб Юнусхўжанинг ройиши ва истаги билан Шайх Хованд Тоҳур майдони шаҳарликларнинг энг муқаддас зиёратгоҳи, ҳайит, байрам ва сайилларда турли-туман ўйин-кулгу ва кўнгил очар томошалар ўтказиладиган сайлгоҳга айланади.
Шаҳар девори қайта тикланади ва Тошкентни Россия шаҳарлари билан боғлайдиган шимолий-ғарб тарафдаги шаҳар, қишлоқ ва Катта Жуз элатларини бўйсиндиришга киришилди. Бир неча юришлардан кейин 1796 йилга келиб улар Чимкент, Сайрам, Олтинтепа, Қорабулоқ, Сарапан ва бошқа ўнга яқин қишлоқлар, Шунингдек, Катта Жуз уруғларидан Усун, Санчиқли, Сара, Сергели ва бошқалар бўйсиндирилди.
Орадан яна уч-тўрт йил ўтиб, Юнусхўжа Катта Қозоқ Жузи устига қилган юришларини тугатди. Туркистон ва унинг атрофидан то Чув дарёсигача бўлган ҳудуд Тошкент ҳукумати тасарруфига ўтди. Тошкент вилоятининг шимолий-ғарбий чегараси Чув дарёси яқинидаги Қоракўл деган жойдан белгиланади.
Юнусхўжа ўзига тобе бўлган Катта Жузда хонлик мансабини тугатиб қозоқ уруғларини идора қилишни улардаги бий ҳамда йирик феодал вакилларига топширади. Шу йўл билан у қозоқ феодаллари орасида ўзига ишончли таянч кучлар яратади. Чунки, Юнусхўжа марҳаматига ноил бўлган ва маҳаллий ҳокимиятни қўлга олган қозоқ феодаллари Тошкент ҳукуматини ва унинг сиёсатини қўллаб-қувватларди. Катта Жуз уруғлари Тошкент ҳукуматига закот тўлаши, айниқса, Юнусхўжа қўшинида хизмат қилишга мажбурлиги шу жиҳатдан муҳим эди.
Юнусхўжа қўшинининг алоҳида бўлинган ҳар бир қисмида 200 дан 1000 тагача сипоҳ бўлган. Ҳар қайси қисмида турли рангли ипак газмолидан тикилган байроқ бўлиб, уларга ҳоким томонидан қўйилган хўжа мутасаддилик қилган. Ҳоким бош қўмондон ҳисобланган.
Қўшинининг жуда оз қисмигина қолганлари эса ўқ-ёй, найза, қилич билан қуролланган. Шунингдек, уларда 5 та замбарак, 20 га яқин чўян ва темирдан ясалган, туяга ортиб юрилиб унинг устида турган ҳолда отиладиган кичик тўплар ҳам бўлган.
Қўқон хонлигиинг Россия билан алоқа ўрнатишида Тошкент ғов бўлиб қолган эди. Тошкент ғов бўлиши ҳамда муҳим хўжалик аҳамиятига эга бўлган Тошкент вилоятини эгаллаш зарурияти Норбўтабий (1774-1799) ва сўнгра Олимхон (1799-1809) олдида муҳим вазифа бўлиб турар эди. 1799 йилда Қўқон хонлигининг – Хонхўжа етакчилигидаги қўшин Тошкентга қарши юриш бошлади. Бундан хабар топган Юнусхўжа ўз қўшинлари билан қўқонликларга қарши чиқиб, Чирчиқдан узоқ бўлмаган Қорасув ёнида уларга қаттиқ, зарба берди. Хонхўжа бошлиқ 70 дан ортиқ Қўқон ҳарбий бошлиқларини асир олиб қатл эттиради. Ғалабадан сўнг Тошкент вилоятининг Сирдарё бўйларидан то Чув дарёси бўйларигача бўлган ерларни қамраб олди. Юнусхўжа 1800 йилнинг кузида Қўқонга қарши юриш бошлайди. Сирдарё бўйидаги Ғурумсарой яқинидаги тўқнашувда Юнусхўжа катта талофатга учраб бир гурух, яқинлари билан Тошкентга қайтади.
Тошкент тарихига оид муҳим манба ҳисобланган “Тарихи жадидайи Тошканд” асарининг муаллифи Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа ўғлининг ёзишича, Юнусхўжа мағлубиятга учраган ҳарбий юришларидан сўнг сил касалига мабтало бўлган, орадан кўп ўтмай вафот этган. Шундан сўнг ҳокимлик тахтига унинг катта ўғли Султонхўжа кўтарилди. Юнусхўжа вафотини эшитган Олимхон укаси Умархон бошчилигида Тошкентга қўшин юборади. Улар тўғридан-тўғри ҳужум қилмасдан шаҳар атрофидаги қишлоқларни талаш ва экин майдонларини паймол қилишга киришади. Икки ўртадаги уруш ҳаракатлари узоқ давом этиб, 1809 йили Тошкент Олимхон томонидан бўйсундирилиб, Қўқон хонлигига қўшиб олинади.
Тошкентнинг чорак асрлик (1784-1809) сиёсий мустақиллик даври шу тариқа ниҳояланади ва у то Россияга қўшиб олингунга қадар Қўқон хонлигига қарам бўлди.
Тошкент вилоятида чорак асрлик ўрнатилган тинчлик, осойишталик, энг муҳими, қўлга киритилган мустақиллик жойларда, хусусан Тошкент шаҳрида ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ишларини ривожлантириш имконини берганди.

Юнусхон мақбараси

Безимени-10

Шайх Хованд Тоҳур мақбарасининг шимоли-ғарбий тарафида яна бир мақбара Юнусхон (1416-1487) мақбараси мавжуд. Бу мақбара қурилиш услуби жихатидан нафақат Тошкентда балки Республикамиз ҳудудида Темурийлар даврига оид бўлган энг қадимий ва камёб обидадир. Мақбара Юнусхон шарафига унинг кичик ўғли Султон Аҳмад томонидан 1487-1502 йиллар мобайнида қурилган. Мақбара 1975-80 йилларда қисман ва мустақиллик йилларида тўлиқ таъмирдан чиқарилган.

Юнусхон (1485-1487) – Тошкент ҳокими. Мўғилистон хони Вайсхонинг ўғли, Бобурнинг онаси Қулуғ Нигорхонимнинг отаси, яна бир набираси Хўб Нигорхонимнинг ўғли Мирза Муҳаммад Ҳайдар Қашқарда, сўнг Кашмирда Бобурийлар номидан ҳукмронлик қилган. Холаваччаси Бобирга ўхшаб Бобурноманинг давоми сифатида “Тарихи ришидий” номлий тарихий асар ёзган. Асар Абдурашидхон ибн Султон Саидхон ибн Юнусхонга атаб ёзилган. Шунингдек, “Жоҳоннома” номли географик асар ёзгани ҳам маълум. Тадбирли лашкарбоши бўлган.
Юнусхон Хуросонда Шарафуддин Али Яздийдан таълим олган. Али Яздий вафотидан сўнг Ироқ ва Эронда касб-ҳунар эгаллаган. Шерозда яшаб уламолар мажлисларида қатнашган. Бу ерда у “Уста Юнус” номи билан машҳур бўлади. Абу Сайид Мирзо Юнусхонни чақиртириб Жетикент, Фарғона ва Еттисув ҳудудини бошқаришни топширади. 1462 йилда акаси Эсон Буғахон ўлимидан сўнг Мўғилистон тахтига ўтиради. Ўзаро тахт талашишлар натижасида оғир аҳволда қолган Юнусхонга Хожа Ахрорнинг аралушуви билан Тошкент шаҳри ва вилоятини бошқариш олиб берилади. Қисқа муддатли ҳукмронлиги даврида у Тошкентда масжид ва мадрасалар, мустаҳкам истеҳкомлар қурдиради. 1487 йилда вафотидан сўнг тахтга ўғли Султон Махмудхон ўтирган.

Қалдирғочбий мақбараси

Безимени-11

Шайхонтоҳур қабристонининг шимолий томонида жойлашган бу мақбара қачон, ким томонидан қурилганлиги-ю, бу ерга ким ва қайси даврда дафн этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар сақланиб қолмаган.
Фақат «Абдулланома» асарининг муаллифи Ҳофиз Тиниш Бухорийнинг берган маълумотига қараганда, Қалдирғочбий Хожа Аҳрор Валийнинг авлодларидан бўлиб, у Мўғулистонда ҳукмронлик қилган. Лекин, археологик маълумотларга қараганда ёдгорлик XIV асрда қурилган, деб тахмин қилинади. Албатта, ким, қачон кўмилганлиги номаълум обида тўғрисида турли хил ривоятлар тўқилиши табиий. Шу сабабли, ёдгорликнинг номи ҳам Қалдирғочбий, Қалдирғочбиби, Қалдирғочбой ва бошқа турли номлар билан аталиб келинган. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ёнига юридик институт қурилади. Мақбарадан турли мақсадларда фойдаланилади. Натижада, мақбарадаги ўрнатилган нақшинкор арабий ёзувли мармартош чиқариб ташланади. Шу билан қимматбаҳо маълумот изсиз йўқолади. 1966 йилда мақбара зилзила туфайли қаттиқ шикастланади, 1970 йилда таъмирланиб ўз ҳолига келтирилади.
Кейинги йилларда қозоқ биродарлар, бу ерга Тошкентга 12 йил ҳукмронлик қилган қозоқ миллатига мансуб Тўлабий кўмилган деган даъвони қилмоқдалар. Бу соҳада кўп йиллардан бери изланиш олиб бораётган архитектура фанлари номзоди Абдужаббор Яҳёевнинг кузатишларича «қозоқ совет энциклопедияси»да ёзилишига кўра Тўлаб Алибек ўғли 1663 йил ҳозирги Жамбул вилоятида туғилган. 1756 йил Чимкент вилоятининг Лангар овулида вафот этган. 1972 йилги археологик изланишларда қайд этилишига кўра қабр очиб кўрилганда сағана остидан уч эркак ва икки аёлнинг суяклари чиққанлиги қайд этилган.

Расположение на карте


Изоҳлар