Полвон Дарвоза

  • 1
  • 0
Таъриф

Дарвозанинг ҳозирги кўриниши бир қанча таъмирлашлар натижасидир. Дастлаб дарвоза қалъа деворидан бир оз ташқарига туртиб чиққан оддий шаклга эга эди. Бу ердан туриб девор ташқарисини кузатиш анча қулай бўлган. Дарвозанинг икки ёнидаги буржлари шаҳар девори билан туташган бўлиб, ягона мудофаа истеҳкомига қўшилган эди. Элтузархон (1804-1806) томонидан дарвоза ичкарисига кўп гумбазли долон (йўлак)нинг қурилиши натижасида бу жой бозор растаси вазифасини ҳам бажара бошлади. Карвонсарой ва Тим қурилгандан сўнг (1832-1833) дарвозанинг бозор сифатидаги аҳамияти анча пасайди. Лекин 1835 йилда Оллоқулихон мадрасаси қурилиши муносабати билан дарвозанинг ғарбий қисми қайта қурилди ва унинг олдидан икки гумбазли ва пештоқли янги ҳаммом қад кўтаради.

Давр ўтиши билан дарвоза ана шундай ўзгариб борди: - кўпчилик қисми янгиланди, янги иморатлар қурилиши натижасида дарвоза тамоман ўзгача кўринишга эга бўлди. Ҳаммом аллақачон ярим вайронага айланган, расталар ҳувиллаб қолган эди. Қадимги дарвозадан фақат пойдеворлар сақланиб қолган. Лекин дарвоза ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Полвон дарвоза қайта қурилган бўлса–да, унинг дарвоза архитектураси қадимги усталар маҳоратининг намунаси сифатида қадрланади. Бино ҳажми ва ўлчамлари конструкция имкониятлар эътибори билан энг қулай меъёрда белгиланган. Иморат янада пишиқ бўлсин учун равоқлар керги кучи оз бўлган шаклда ясалган. Ғиштлар қаторига ёғоч тўсиқлар киритилиб, гумбаз оғирлиги бир қанча равоқларга тақсимланади. Кичик гумбазлар учун ғиштни “давра” ва “балхи” услубда терилади. Айни вақтда бино ичкариси сувоқ қилинган. Бир неча гумбаз устидан тушиб турган ёруғлик ярим қоронғи йўлакни ёритиб, янада жозибадор қилади. Оллоқулихон мадрасасининг жанубий девори яқинида поғонасимон кўтарилган улкан гумбазлари узоқдан кўзга яққол ташланади, бу ерда гумбаз ва равоқлар бинонинг умумий тузилишини кўрсатиб турибди.

Кўп гумбазли Полвон дарвозанинг фасадлари ғарб ва шарқ томонга қараган. Дешон қалъа тарафидаги шарқий дарвоза йирик қалъа деворларига ўхшатиб ишланган ва мудофаа учун мўлжалланмаган бу дарвоза ғиштлардан терилган гулдор ва рангли сиркор қопламалар билан безатилган. Ғиштлардан терилган данданалардан, зангори сиркор безаклар, босма муқарнас, гумбаздаги ложувард ранг сирли ғиштлар жуда моҳирлик ва дид билан Хива усталари томонидан бажарилган. Ранг-баранг безаклар туфайли бу иншоотни гулдарвоза ҳам дейишади. Буржлардан бири (жануб томонидаги) 1930 йилда бир оз соддалаштириб қайта таъмирланган. Дарвозанинг ғарбий томони эса Оллоқулихон мадрасаси қурилаётган вақтда қад кўтаради. У ташқи томонига нисбатан анча содда. Бунда қубба, равоқлар йўқ. Фақат пештоқ деворининг равоқдан юқоридаги қисмида сирли кошинли намоён бор. Худди шу ерда “Шаҳри Хива” сўзлари ёзилган тош тахта бор. Юқоридаги икки сўз бино тарихини кўрсатади, яъни дарвоза янгидан шаҳар бунёд этилаётган даврда 1806-1807 йилларда қурилган экан.

Расположение на карте


Изоҳлар