Пойи Калон меъморий мажмуи барча меҳмонлар эътиборини жалб қиладиган жой. Мўғул давридан анча илгари, ХII асрда барпо этилган Калон Минорасини деярли ҳамма жойдан кўриш мумкин. ХVI асрда унинг ёнида Масжиди Калон ва рўбарўсида Мири араб мадрасаси қурилган. Мусулмон байрамларида минора тепасидан муаззиннинг солиҳ мусулмонларни намозга чорловчи овозини эшитиш мумкин эди. Қадим замонларда кечаси минора тепасида ёқилган оловни узоқ-узоқлардан кўриш мумкин бўлган. Ҳозир, худди илгари пайтдагидек, минора эски шаҳар тепасида турибди.
Минора ўзининг уйгун шакллари ва аниқ чизиқлари билан узоқдан сизнинг эътиборингизни тортади. Агар сиз минорани кўриш шарафига муяссар бўлсангиз, унинг аниқ пропорсиялари ва чиройли терилган ғиштига мафтун бўласиз. Масжиди Калон Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжидидан кейин Ўрта Осиёдаги иккинчи энг катта масжид. Мусулмон байрамида масжидга 10 минг киши сиғиши мумкинлиги ўз исботини топган. Масжиднинг усти очиқ йирик ҳовлиси, унинг ажойиб пештоқлари ва усти ёпиқ айвонлари унутилмас таассурот қолдиради. Масжиди Калон рўпарасида жойлашган Мири Араб мадрасаси пропорсияси ва симметрияси туфайли ўзидан кейин қурилган масжидлар учун ҳамиша намуна вазифасини ўтаган. Бўлғуси имомлар таълим олган Мири Араб мадрасаси кўп йиллар давомида собиқ шўролар иттифоқи даврида амал қилган ягона мадраса бўлган.