Оқсарой

  • 1
  • 0
Таъриф

Оқсарой – Шаҳрисабздаги меъморий ёдгорлик. Амир Темур қурдирган (1380-1404). Шаҳарнинг шимоли-шарқидаги бош майдонда жойлашган. Бир замонлар муҳташам, хашаматли бўлган бу саройнинг бизгача емирилиб, ҳароба ҳолга келган улкан пештоғи, икки чеккасидаги минораси, сарой пойдеворининг бир қисмигина сақланган. Оқсаройнинг ҳозирги кўриниши ҳам салобатли ва гўзалдир. Пештоқ равоғининг эни 22,5 метр, баландлиги 40 метр, умумий баландлиги 50 метрдан ошади. Пештоқ минораси ичидаги айланма зина орқали юқорига чиқилган. Оқсаройнинг аввалги ҳолати тўғрисида фақат ёзма манбаларга қараб фикр юритиш мумкин. Унга кўра, Оқсарой турар жой ва жамоат биноси сифатида қурилиб, хоналар ҳовли атрофида жойлашган. Бобур маълумотларига кўра, ҳовли ўртасида ҳовуз, тўрида гумбазли катта хона – девонхона, ёнларида маслаҳатчилар учун кичик хона, ҳашаматли равоқли бостирмалар, ички томонида ҳарам ва амирнинг хонаси жойлашган.

Девонхона пештоғида арслон ва қуёш тасвири ва Темур давлатининг уч ҳалқа шаклидаги нишони бўлган. Оқсарой деворларидаги ранглар жилоси, тарихий, фалсафий ва диний мавзудаги, куфий, сулс ёзувлари, кошинкори безаклар, нақшларнинг ўзаро уйғунлиги бинога ажойиб ва сеҳрли мазмун бағишлаган. Рангларнинг ой ёруғида жилоланиб оқариб кўринишидан бино “Оқсарой” деб номланган. Саройнинг ўзига хос хусусиятларидан бири-том тепасига ишланган ҳовуздир. Ҳовузга сув Тахтақорача довонидан қўрғошин қувурлар орқали оқиб келиб, ундан шаршара ҳосил қилиб, пастга туширилган. Оқсарой мустақиллик даврида қисман таъмирланди ва атрофи ободонлаштирилди.

Расположение на карте


Изоҳлар