Султон Саодат – саййидлар сулоласининг мақбарасидир. Бу меъморий мажмуа оилавий мақбаралар ва маросим хоналаридан иборат бўлиб, асрлар давомида ташкил топган яхлит иншоатдир. Биринчи мақбарада IX асрнинг 2-ярмида вафот этган Ҳасан ал-Амир исмли саййиднинг хоки бор. У шу атрофдаги ерларнинг эгаси, Пайғамбар авлодларидан ҳисобланади. Султон Саодат мўғуллар истилоси пайтида вайрон қилинган эди. Термизнинг шарқий томонида жойлашган бу зиёратгоҳ янгидан бунёд этилган. Қарийб етти аср (X - XVII) давомида шаклланган бу меъморий мажмуа жами йигирмага яқин қабрни ўз ичига олади.